Илм йўлида кўмак берамиз акциясининг тақдирлаш тадбири бўлиб ўтди

2018 йил 13 октябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг тадбирлар залида «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан эълон қилинган «Илм йўлида кўмак берамиз» номли диний таълим муассасалари талабаларининг тўлов-контрактларини тўлаб бериш ишлари бўйича хайрия акцияси тадбири ўтказилди. Шунингдек, Қуръони каримни ёд олган ёки араб тилидаги бирор қўшимча китобни тамомлаган талабалар рағбатлантирилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Марказий Банки, PayMe, Click, Mbank каби республиканинг йирик тўлов тизимлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, диний таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, уламолар, имом-хатиблар, Тошкент Ислом институти, диний таълим муассасалари талаба-ёшлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

 

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5416-сон Фармони асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида «Вақф» хайрия жамоат фонди ташкил этилган.

Ўтган давр мобайнида ушбу фонд томонидан диний таълим муассасаларини моддий қўллаб-қувватлаш учун жами 211 млн. сўм, ижтимоий ҳимояга муҳтож жамиятларга 22 млн. сўм ва ёрдамга муҳтож ва ногиронлиги бўлган 534 нафар фуқароларга 480 млн. сўмдан зиёд маблағ хайрия қилинди. Қурбон ҳайитида Республика бўйича 10 тоннадан зиёд қурбонлик гўштлари фонд номидан тарқатилди. Шу билан биргаликда ўта оғир ҳолатдаги 4 та хонадон фонд томонидан тўлиқ таъмирлаб берилди.

«Вақф» фонди томонидан ташкил этилган «Масжид ва мадрасалар учун китоб» акцияси доирасида шу вақтга қадар 9 та вилоятдаги 306 та масжидга жами 367 млн сўмлик 13109 та китоб етказиб берилди.

Фонд томонидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги билим юртлари талабалари ва ўқитувчиларини рағбатлантириш, намунали ва иқтидорли талабаларни тўлов-контракт пулларини тўлаб бериш учун Фонд томонидан «Илм йўлида кўмак берамиз» акцияси ташкил этилди.

2018 йил 13 октябрь куни ушбу акциянинг биринчи босқичи натижалари бўйича тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Маросимда диний таълим муассасаларининг энг иқтидорли 39 нафар талабаларининг контракт пуллари тўлаб берилиб, ўзининг иқтидори ва қобилияти билан Қуръони каримни тўлиқ ёд олган 15 нафар талаба энг кам иш ҳақининг 10 бараваридан пул мукофотлари билан тақдирланди.

Умумий ҳисобда ушбу акциянинг биринчи босқичи учун Вақф хайрия жамоат фонди томонидан 160 000 000 сўм ажратилди.

13 Октябрь, 2018 йил | 2292