Зиёрат ва Туризм

Қадамжоларни зиёрат қилиш асносида қуйидаги тартиб-қоидаларга амал қилиш зарур:


1. Зиёратгоҳ ҳудудига таҳоратли ҳолда сукунат билан кириб борилади. Бу ерда баланд овозда гапириб шовқин-сурон қилинмайди.

2. Зиёратга эркак ва аёллар алоҳида-алоҳида кирадилар. Аёллар имкон даражасида сипоҳ кийинган бўлишлари, ўзгаларнинг эътиборини тортадиган кийимларни киймасликлари мақсадга мувофиқдир.

3. Одатда зиёратга салом бериб кирилади, марҳумнинг ҳақига тиловати Қуръон ва дуо қилинади. 

4. Зиёрат вақтида қабр тошларини ўпиш, уларни силаб юз-кўзга суртиш, қабр атрофини айланиб тавоф қилиш, у ерда шам ёқиш, зиёратгоҳ ҳудудидаги дарахт ёки ёғочларга латта парчаларини боғлаш жоиз эмас.

5. Қабр ёнида суратга тушиш, уни босиб ўтиш, у ерда кулиб ёки товушни кўтариб гаплашиш мумкин эмас.

6. Зиёрат қилинаётган муҳтарам зот ҳам Аллоҳнинг бир бандасидир. Ундан нажот тилаш, ёки бирор ҳожатни сўраш, унга атаб жонлиқ сўйиш бефойда, аксинча катта гуноҳдир.

7. Қабр устига пул сочиш мумкин эмас, балки ҳар қанча хайрия, садақа ва иона бўлса махсус эҳсон қутиларига ташлаш талаб этилади.

8. Зиёратдан сўнг яна охиста чиқиб кетилади. Чиқиш вақтида қабрга таъзим қилиш жоиз эмас. 

9. Мақбара атрофида таом пишириб тановул қилиш, мусиқа эшитиб, ёки ухлаб дам олиш мумкин эмас.

10. Зиёратгоҳ ҳудудини озодалагини сақлаш керак. Ёш болаларнинг бошқа зиёратчиларга халал беришларининг олдини олиш лозим.

Зиёратларингизни Аллоҳ қабул айласин!