Фонд ва Cambridge ўқув маркази ўртасида меморандум имзоланди

Жиззах вилоятининг чекка ҳудудларида яшайдиган иккита эҳтиёжманд оиланинг фарзандлари пойтахтимизда жойлашган Cambridge ўқув марказида инглиз тилини ўрганмоқда. “Вақф” хайрия жамоат фондининг янги лойиҳаси асосида йўлга қўйилган мазкур амалиётга кўра, икки ўсмир эндиликда марказда бепул таълим олишади.

Маълумки, “Вақф” хайрия жамоат фонди айни пайтда нафақат эҳтиёжманд оилаларга моддий томондан ёрдам бериш, балки уларнинг фарзандларини турли касб-ҳунарга ўргатиш, хорижий тилларга ўқитиш дастурига ҳам қўл урди. Шунга кўра, бугун пойтахтимизда фаолият кўрсатаётган, хорижий тилларни ўргатишга ихтисослашган Cambridge ўқув марказида Жиззах вилоятининг Зомин туманида яшайдиган икки ўсмир таълим олишни бошлади. Шу муносабат билан фонд ва таълим маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

– Бугун барча хорижий давлатларда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам чет тилларини ўрганишга бўлган талаб ошиб бормоқда, – дейди ўқув маркази директори Жаҳонгир Пўлатов. – Негаки, бирор чет тилини, айниқса инглиз тилини билмасдан туриб муваффақиятга эришиш, илм сирларини ўрганиш амримаҳол. Билимли, хорижий тилларни билган юрт фарзанди эса давлати ривожига катта ҳисса қўшишга қодир. Шунинг учун эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандларини ўқитиш, хорижий тилларни ўргатиш борасидаги “Вақф” хайрия жамоат фондининг хайрли ташаббусига хайрироҳлик билдириб, савобли ишга бош қўшишни ният қилдик.

Таъкидлаш керакки, эндиликда мазкур ўқув марказида юзлаб ана шундай оилаларнинг фарзандлари бепул таълим олишади. Бу фонд томонидан амалга оширилаётган таълим дастурининг биринчи ютуғи. Ҳали бу хайрли ишлар янада кенгайишига, қанот ёзишига ишонамиз.

Қадрли юртдошим! Фарзандларимизни илмли ва маърифатли қилишдек бу савобли ишга Сиз ҳам ўз ҳиссангизни қўшинг.

Фонд ва Cambridge ўқув маркази ўртасида меморандум имзоланди
18 Январь, 2024 йил | 211