Поёнига етиб бораётган Меҳр ва мурувват ойи бўлган Рамазоннинг сўнгги кунларида бир қатор мусулмон давлатлари мамлакатимизда умргузаронлик қилаётган кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар учун озиқ-овқат маҳсулотлари, китоблардан иборат хайр-эҳсонларни ажратиб келмоқда.
Хусусан, яқинда Саудия Арабистонининг мамлакатимиздаги элчихонаси томонидан “Вақф” хайрия жамоат фондига ҳурмо маҳсулотлари топширилди. Бу жараёнда Саудия Арабистони подшоҳлигининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси ўринбосари Ҳумуд Туркий ал Мутайрий, мазкур давлатнинг ислом ишлари вазирлиги ходими Муборак Ҳамад Ол Ҳаная, элчихона ходими Бадр Тароҳиб ал Утайбий, “Вақф” хайрия жамоат фонди бошқарув раҳбари Исохон Абдуллаев ва фонднинг халқаро алоқаларни ривожлантириш бўйича мутахассиси Миржалол Қосимов иштирок этди.
Саудия Арабистони вакиллари Рамазон ойида амалга оширилаётган бу ишлардан кўзланган мақсад, ёрдамга муҳтож, эҳтиёжманд оилаларга хурсандчилик улашиш, уларга байрам нафасини беришдан иборат эканлигини билдирди.
Айни пайтда мазкур хайр-эҳсон қутилари республика бўйлаб тарқатилиб, ўз эгаларига етказилмоқда.