“ВАҚФ” ФОНДИ РАҲБАРИ КУВАЙТ ЭЛЧИСИ БИЛАН УЧРАШДИ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди хайрия, кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш йўналишида кўплаб хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Хусусан, фонд Форс кўрфазида ўз ўрнига эга, иқтисодий жиҳатдан анча ривожланган Кувайт давлати билан ҳам дўстона алоқаларни яхши йўлга қўйган. Бугун мазкур давлатнинг мамлакатимиздаги элчихонасида Кувайт давлатининг фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад Холид ал-Жийрон жаноблари ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Исохон Абдуллаев иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида ҳамкорликни янада ривожлантириш, хайрия ишларини кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Исохон Абдуллаев қабул учун элчи жанобларига миннадорчилик билдириб, фонднинг вазифалари, бугунги кунда амалга оширилаётган хайрли ишлар, хусусан кам таъминланганларга қуриб берилаётган уйлар, сув танқис ҳудудларда сув чиқариш ишларининг қай тартибда олиб борилаётгани ҳақида маълумот бериб ўтди.

Ўз навбатида Аҳмад Холид ал-Жийрон Кувайт давлатида ҳам бир қатор хайрия фондлари, халқаро ташкилотлар фаолият кўрсатаётганини, “Вақф” фонди билан ҳамкорликда хайрли ишларга ҳисса қўшишга, эҳтиёжмандлар, кам таъминланганларга ёрдам кўрсатишга тайёр эканлигини билдирди. Шунингдек, Кувайт Халқаро Ислом хайрия ташкилоти шу кунгача кўплаб давлатларда бир қатор хайрия лойиҳаларида муваффақиятли қатнашиб келаётганлигини айтди. Элчи жаноблари мазкур фондлар эҳтиёжманд оилаларга моддий ёрдам бериш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш, асбоб-ускуналар билан таъминлаш, соғлиги сабабли кўмакка муҳтож инсонларнинг жарроҳлик амалиётини ўтказишда яхши тажрибага эга эканлигини қайд этиб, бу каби хайрия ташкилотларини Ўзбекистонда амалга оширилаётган хайр-саҳоват ишларига таклиф қилишда хайрихоҳ эканлигини айтиб ўтди.

Учрашувда Кувайт давлати ишбилармонларини “Вақф” билан ҳамкорлик қилиб келаётган ўзбек тадбиркорлари билан бирга ишлашга таклиф этиш борасида фикрлар билдирилди. Бу борада икки томонлама ўзаро учрашув ташкил қилиш ва тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда инвестициялар жалб қилишга келишиб олинди.

Тадбир сўнгида икки томон бир-бирига эсдалик совғаларини топширишди.

“ВАҚФ” ФОНДИ РАҲБАРИ КУВАЙТ ЭЛЧИСИ БИЛАН УЧРАШДИ
28 Июнь, 2024 йил | 102