САХИЙЛАР КЎМАГИДА ЭҲТИЁЖМАНД ОИЛАЛАР УЙЛИ, ИШЛИ ВА БОҒЧАЛИ БЎЛДИ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Вақф хайрия жамоат фонди кўплаб хайрли ишларга бош бўлиб келмоқда. Бу жараёнда кам таъминланган, боқувчиси йўқ оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга моддий-маънавий кўмак кўрсатишга устувор аҳамият қаратиляпти.

Тошкент вилояти Бўка тумани Бунёдкор маҳаллиси ҳудудида Вақф хайрия жамоат фонди томонидан амалга оширилган бунёдкорлик ва ободонлаштириш лойиҳалари ана шу эзгу амалларнинг мантиқий давоми бўлди, дейиш мумкин. Бир қанча муддат олдин ушбу ҳудудда ҳомийлар ҳисобидан 30 та уй қурилиб, кўп йиллардан буён уйсиз яшаб келаётган эҳтиёжманд оилаларга ҳадя қилинган эди. Яқин вақтлар ичида мазкур аҳоли яшаш ҳудудида яна кўплаб қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.  Кеча ушбу ҳудудда Вақф хайрия жамоат фонди ва ҳомийлар томонидан эҳтиёжманд оилалар учун барпо этилган ижтимоий муассасалар – тикув корхонаси, қандолат цехи, новвойхона, ўқув маркази ҳамда уларнинг фарзандлари учун боғча фойдаланишга топширилди.

Мазкур мажмуаларнинг очилиш маросимида Диний идора раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, “Вақф” хайрия жамоат фонди раиси Исахон Абдуллаев, фонд раҳбари ўринбосари, хайрия ишлари бўйича директор Сардор Раҳимхон, ҳокимлик мутасаддилари, маҳалла фаоллари ва аҳоли вакиллари иштирок этди.

Маросим Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди.

Шундан сўнг мажмуа фахрий меҳмонлар ва нуроний отахонлар иштирокида очиб берилди. Таъкидлаш жоизки, 50 кишини иш билан таъминлаган тикув корхонаси, тоза ичимлик суви ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи цех, новвойхона, шунингдек 100 ўринли замонавий боғча, инглиз тили ва ментал арифметикани ўргатишга мўлжалланган ўқув маркази ва уларнинг ҳордиқ чиқариши учун ўйингоҳлар бу ерда истиқомат қилиб келаётган эҳтиёжманд оилалар учун ажойиб совға бўлди.

Келгусида бу каби мажмуаларни мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам бундёд этиш кўзда тутилган.

Бу каби эзгу амалларга эш бўлаётган, дилларга хурсандчилик улашаётган ҳимматли ва жўмард ҳомийларни Аллоҳ улкан ажр-савоблар билан мукофотласин.

Фозилжон Мамашарипов,

фонд медиа ва матбуот хизмати бош мутахассиси.

САХИЙЛАР КЎМАГИДА ЭҲТИЁЖМАНД ОИЛАЛАР УЙЛИ, ИШЛИ ВА БОҒЧАЛИ БЎЛДИ
12 Август, 2024 йил | 91