“МЕНГА БУ ЙИЛ ЯНГИ СУМКА ОЛИБ БЕРАСИЗМИ?”

“Ойи, бу йил менга янги сумка олиб берасизми?”

“Мен мактабга нима кийиб бораман?”

“Дадам бўлганида мактаб бозоридан кўп нарсалар олиб берган бўларди”...

Ҳар йили янги ўқув йили бошланиши арафасида ўзига тўқ, топиш-тутиши яхши оилаларда фарзандлар томонидан балки бундай саволлар берилмас. Лекин боқувчиси йўқ, ишсиз, эҳтиёжманд оилаларда вояга етаётган фарзандларнинг бу каби саволлари яқинларини чуқур ўйга толдириши бор ҳақиқат. Қўли калталигидан жигаргўшасининг саволига қандай жавоб беришни билмай чорасиз қолиши тайин. Негаки, баъзида уйида ейишга нони бўлмай қоладиган, ётишга уйи йўқ бундай оилаларда фарзандлари мактаб формаси, ўқув қуролига харажат қилишга ота ёки оналарнинг ҳар доим ҳам имкони бўлавермайди.

Таъкидлаш жоизки, саховатпеша инсонларнинг хайрия маблағлари туфайли айни пайтда эҳтиёжманд оилаларда вояга етаётган кўплаб болалар бу ташвишдан халос бўлишмоқда. Хусусан, яқинда «Вақф» хайрия жамоат фондининг Фарғона вилояти филиали томонидан саховатли ҳомийлар ҳадя қилган ўқув қуроллари ва мактаб сумкалари ўз эгаларига топширилди. Шу куни 100 нафардан зиёд ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар фарзандларига ўқув қуроллари ва мактаб сумкалари хайрия қилинди. Энг муҳими, бугун бу оилаларда шодлик ҳукумрон, фарзандлар яқинларига “Ойи, бу йил менга янги сумка олиб берасизми”, дея савол беришмайди.

Мурувватли ҳомийларимиз ва ҳимматли дуогўйларимиздан Аллоҳ таоло рози бўлсин! Эҳтиёжманд оилаларнинг моддий эҳтиёжини қондирган жўмард ҳомийларни Ўзи улкан ажр-савоблар билан мукофотласин.

Имкон борида эҳсон қилишга шошилинг. Боқувчиси йўқ, ночор оилаларга қўлингиздан келган ёрдамни аяманг. Телефонингиздан осонгина эҳсон қилинг.

“МЕНГА БУ ЙИЛ ЯНГИ СУМКА ОЛИБ БЕРАСИЗМИ?”
19 Август, 2024 йил | 104