ФОНД ВАКИЛЛАРИ САУДИЯ ЭЛЧИСИ БИЛАН УЧРАШДИ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил топганидан буён хайрия масалаларида кўплаб халқаро ташкилотлар, хорижий давлатларнинг мамлакатимиздаги элчихоналари билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Жумладан, шу вақтгача TIKA халқаро ташкилоти, Туркия, Қатар, БАА, Саудия Арабистони каби давлатларнинг мамлакатимиздаги элчихоналари билан узвий алоқалар йўлга қўйилиб, кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларга моддий ва маънавий ёрдам бериш борасида бир қатор лойиҳалар амалга ошириб келинмоқда. Албатта, юқорида санаб ўтилган хайрия ишларида Саудия Арабистони Подшоҳлигининг ҳам ҳиссаси бор. Хусусан, Саудия Арабистонининг мамлакатимиздаги эличихонаси ҳар йили юртимиз фуқаролари учун фондга 25 тонна хурмо меваси ҳадя қилиб келади.

Бу каби алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида яқинда “Вақф” хайрия жамоат фонди вакиллари Саудия Арабистонининг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси жаноб Юсуф ибн Солиҳ ал-Гаҳра ал-Утайбий жаноблари билан учрашди. Фонд бошқаруви раисининг ўринбосари Жаҳонгир Саламов ва халқаро алоқларни ривожлантириш бўйича мутахассис Миржалол Қосимов иштирок этган учрашувда вақф ва хайрия ишлари бўйича илмий ва амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш, ходимлар малакасини ошириш ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги тажрибасини ўрганиш юзасидан таклифлар билдирилди. Шунингдек, Подшоҳ Салмон кўмак ва хайрия ишлар маркази каби хайрия ташкилотлари билан ўзаро алоқаларни ўрнатиш, имконияти чекланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларга билим бериш, касб ва ҳунарга ўргатиш курсларини ташкил этиш ҳамда зарурий жиҳоз ва ускуналар билан таъминлашда ёрдам бериш борасидаги таклифларга Саудия томони доимо хайрихоҳ эканлиги таъкидлаб ўтилди.

Элчи жаноблари икки томонлама ўзаро ҳамкорликдан кўплаб эҳтиёжманд оилалар манфаат кўришини, моддий ва маънавий озиқа олишини қайд этиб, Саудия томони бу каби хайрли ташаббусларга доим тайёр эканлигини билдирди.

28 Ноябрь, 2024 йил | 14