3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни муносабати билан Наманган шаҳридаги “Роял” тантаналар саройида ногиронлиги бўлган шахслар учун байрам дастурхони ёзилиб, маданий тадбир ташкил этилди. Тадбирга вилоят ҳудудида истиқомат қилиб келаётган ўзгалар парваришига муҳтож юртдошларимиз, боқувчисини йўқотган кекса ёшдагилар, Афғон уруши иштирокчилари таклиф этилди.
Наманган вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги, “Вақф” хайрия жамоат фондининг вилоят филиали томонидан ташкил этилган тадбирда Наманган вилояти бош имом хатибининг биринчи ўринбосари Обидхон домла Икрамов иштирок этиб, мамлакатимизда барча фуқаролар каби ногиронлиги бўлган юртдошларимизга ҳам катта эътибор ва амалий ғамхўрлик кўрсатиб келинаётганини, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга муҳим аҳамият қаратилаётганини таъкидлаб ўтди.
Тадбир давомида байрам муносабати билан меҳмонларга ҳомийлар томонидан ажратилган турли совғалар тақдим этилди.
Эҳтиёжманд, боқувчиси йўқ юртдошларимизга хурсандчилик улашган саховатпеша ҳомийларимиздан Аллоҳ таоло рози бўлсин! Бу эзгу амаллари учун уларни Ўзи улкан ажр-савоблар билан мукофотласин.