Аввал хабар бериб ўтганимиздек, жорий йилнинг март ойида 16 гектар ер майдони ва бинолар Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан "Вақф" фондига беғараз берилган эди. Шу қисқа фурсат ичида бу ерда нон ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқариш цехи барпо этилди. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, цехда яқинда яна бир янгиликка қўл урилди. Энди бу ерда 5 хил турдаги макарон маҳсулотлари ҳам ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Ушбу маҳсулотлар шу ернинг ўзида тайёрланиб, махсус қадоқларда буюртмачиларга ва халқимиз дастурхонига етказиб берилмоқда.
Таъкидлаш керакки, бир кунда макарон ишлаб чиқариш қуввати 1 тоннани ташкил этса, нон ва нон маҳсулотлари эса 11 000 тадан ортиқ тайёрланмоқда. Яна бир жиҳат, бу ерда ҳозирда 8 киши иш билан таъминланган бўлиб, асосан ёшлардан иборат.
Бугун Фонд раҳбари, кенг жамоатчилик, Қибрай тумани имом-хатиблари ва оммавий ахборот воситалари иштирокида ушбу цехнинг рамзий очилиши бўлиб ўтди. Унда сўз олган “Вақф” хайрия жамоат фонди бошқарув раҳбари Искандар Халилов ушбу цех фаолиятига улкан муваффақиятлар ва келгусидаги ишларига ривож тилаб дуои хайрлар қилди. Сўнгра, меҳмонлар цехга ташриф буюриб, бу ерда яратилган шароит ва имкониятлар билан яқиндан танишдилар. Макарон, нон ва нон маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун Германиянинг фирмасига тегишли Wechtel техникаси келтирилиб, ишлаб чиқаришга татбиқ этилди.
“Вақф” хайрия жамоат фонди матбуот хизматига интервью берган "Ал-Муяссар" МЧЖ раҳбари Луқмон Аблақуловнинг айтишича, цехда тўққиз турдаги нон маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, улар дўконлар орқали сотилади ҳамда ундан тушган фойда ҳисобидан меҳрибонлик, қариялар ва ногиронлар уйларига хайрия тариқасида ҳам улашилади. Шунингдек, ноннинг таркибида инсон учун ниҳоятда зарур ва фойдали бўлган 30-35 фоиз оқсил, 60-70 фоиз углевод, турли витаминлар, минерал тузлар, шунингдек, темир, кальций, фосфор ва бошқа моддалар борлигини мутахассис ўз сўзида изоҳлаб берди.
Юқорида таъкидлаганимиздек, бугунга қадар, цехда тайёрланаётган маҳсулотлар халқимиз дастурхонига етиб боришдан ташқари хайрия тариқасида меҳрибонлик, қариялар ва ногиронлар уйларига улашиб келинмоқда. Жумладан, бугун ҳам Фонд вакиллари У.Қ.Қурбонов номидаги Республика болалар руҳий-асаб касалхонасида бўлиб, у ерда даъволанаётган беморларга турли хил турдаги нон маҳсулотларини тарқатди.
“Вақф” хайрия жамоат фонди бундай хайрли ишларни бундан кейин ҳам давом эттиради, албатта саховатпеша халқимиз кўмагида. Истагимиз, сахий юртдошларимиз сони кундан кун ошаверсин. Ахир айтишадику, савоб ишни ҳар ким ҳар куни қилиши керак.
"Вақф" хайрия жамоат фонди матбуот хизмати