Тошкентда «Вақфмед» дорихонаси ташкил этилди

"ВАҚФ" хайрия жамоат фонди томонидан аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, аҳолининг кўмакка муҳтож, кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган қатламини ҳимоя қилиш мақсадида кўплаб лойиҳалар ҳаётга тадбиқ этилмоқда.

 

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги "Олтинтепа" масжиди ҳудудида "Вақфмед" дорихонаси ташкил этилди. Ушбу вақф мулки бўлган дорихонанинг очилиш маросими жорий йилнинг 23 июль куни бўлиб ўтди. Очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари, "ВАҚФ" хайрия жамоат фонди бошқарув раҳбари Искандар Халиловлар иштирок этдилар. Муфтий ҳазратлари дорихона фаолияти билан танишиб, фаолиятига ривож тиладилар. Хайрли ишларнинг бардавом бўлишини тилаб дуо қилдилар.

vaqf.uz

 

vaqf.uz

 

 

vaqf.uz

 

Вақф дорихонасида юздан ортиқ номдаги дори маҳсулотлари келтирилган бўлиб, уларнинг тури кундан кунга кўпайишда давом этади. Дорихона замонавий ҳисоб-китоб техникаси билан таъминланган бўлиб, савдо жараёнини аниқликда олиб боришда муҳим аҳамиятга эга.

 

vaqf.uz

 

"Вақфмед" дорихоналар тармоғи мамлакатимиз бўйлаб барча ҳудудларда ташкил этилиши Фонд томонидан режалаштирилган бўлиб, ушбу тармоқлардаги савдо-сотиқдан тушган маблағ вақф мулкини тасарруф этиш ва хайрия ишларига йўналтирилади. Дорихоналар "Ислом қуввати. Ватан равнақи. Халқ манфаатлари учун" шиори остида ўз фаолиятини юритади.

vaqf.uz

 

"ВАҚФ" хайрия жамоат фонди юртимиз мўмин-мусулмонларини Аллоҳ таоло розилиги учун кўпроқ саховат кўрсатишга чақиради. Эҳсонлар минглаб инсонларнинг оғирини енгил қилишда муҳим ўринга эгадир.

 

Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг Каломида эҳсон қилувчиларга ваъда беради: “Албатта, Аллоҳ бир зарра миқдорида (ҳам бировга) зулм қилмагай, Агар (ўша миқдорда) яхшилик бўлса, уни (бир неча баробар) кўпайтирур ва Ўз ҳузуридан улуғ мукофот (жаннат) ато этур” (Нисо сураси, 40-оят).

 

Аллоҳ таоло барчаларимизни яқинларга, муҳтож кишиларга яхшилик қилишда пешқадамлардан бўлишимизни, берадиган хайр-эҳсонларимизни ихлос ва чин дилдан ато этувчи саҳоватли инсонлар сафидан жой олишимизни насиб айласин.

 

"ВАҚФ" хайрия жамоат фонди матбуот хизмати

23 Июль, 2019 йил | 1607