"Вақф" хайрия жамоат фонди бугунги кунда юртимизда фаолият юритувчи исломий олий ва ўрта махсус таълим муассасалари устоз ва талабаларини қўллаб-қувватлаш, ўқитувчиларнинг илм ўргатиши ҳамда илм толибларининг илм олишларида кўмак кўрсатиш мақсадида кўплаб хайрия ишларни амалга ошириб келмоқда.
Аллоҳ таоло Ўз Каломи Қуръони каримда толиби илм ва олимларни улуғлаб шундай марҳамат қилади:
“Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир”. (Мужодала сураси, 11 оят).
Илм йўлидаги мусулмонларга ёрдам бериш, динимиз аҳкомларининг инсонлар онгига етиб боришида муҳим аҳамиятга эга. Шундай экан Фонд томонидан ҳомийлар кўмагида бажарилаётган ишлар бир дақиқага бўлсада тўхтаб қолгани йўқ.
Жорий йилнинг октябрь ойи сўнгида Фонд раҳбари Искандар Халилов бошчилигида бир гуруҳ ходимлар Қашқадарё вилоятига ташриф буюришди.
vaqf.uz
Дастлаб, вилоятнинг Китоб туманида жойлашган Хожа Бухорий номли ўрта махсус ислом билим юртида устоз ва талабалар иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Учрашув Қуръони карим тиловати билан бошланиб, унда Фонд томонидан билим юрти талабаларига 140 дона Қуръони карим улашилди.
Бундан ташқари, ушбу таълим муассасасида илм ўрганаётган 4 нафар талабанинг тўлов-шартнома пуллари тўлаб берилиши ҳақида маълум қилинди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Илм ўрганинглар. Албатта, илм ўрганиш Аллоҳдан қўрқишдир. Илмни таълим олиш ибодатдир. Уни музокара қилиш тасбиҳдир. Илм излаш жидду жаҳд қилишдир”. (Хатиб Бағдодий ривоят қилган).
Бу сингари хайрли ишлар давомли бўлиши ҳамда Фонд фаолиятини қўллаб-қувватлашда иштирок этаётган саҳоватпеша инсонлар ҳаққига дуои хайрлар қилинди.
"Вақф" хайрия жамоат фонди мабуот хизмати