Закот олувчининг вазифалари

Закотни олувчи Қуръонда зикр қилинган саккиз тоифадан бири бўлиши лозим. Унинг зиммасида бир неча вазифа бор:

1. Аллоҳ таоло уни ғамга солган нарсани бартараф қилиш учун закотни унга беришни буюрганини фаҳмласин ва барча ғамини йиғиб, битта ғамга – Аллоҳ таолонинг розилигини топишга айлантирсин.

2. Берувчига ташаккур айтиб, унинг ҳаққига дуо қилсин. Лекин бу дуоси сабабнинг шукри миқдорида бўлсин.

Абу Саъиддан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларга ташаккур қилмаган кимса Аллоҳга шукр қилмас», дедилар».

Аҳмад ва Термизий ривоят қилган. Термизий: «Бу ҳадис ҳасан, саҳиҳ», деган. 

Берилган нарса оз бўлса, уни оз санамаслик шукрнинг тугал бўлишидандир. Берилган нарсани ёмонламаслик, айбини беркитиш керак. Буларнинг ҳаммаси неъматни Аллоҳ таолодан деб билишга зид эмас. Воситани восита деб билмаслик жоҳилликдир. Воситани асл деб билиш эса мункирликдир.

3. Ўзига берилган нарсага эътибор берсин, ҳалол бўлмаган нарсани мутлақо олмасин, чунки бир киши бировнинг молидан закот чиқарса, бу нарса закот бўлмайди. Агар шубҳали нарса бўлса, ўзини олиб қочсин. Иложсиз қолгандагина ҳожатига ярашасини олсин.

4. Ўзига мубоҳ бўлган миқдорда олсин, ҳожатидан кўпини олмасин. Агар қарздор бўлса, қарзидан ортиғини олмасин.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Мўминнинг нажоти китобидан)

1 Июнь, 2018 йил | 2231