Нажот таълимда: яна бир ўқув маркази билан меморандум имзоланди

“Вақф” хайрия жамоат фондининг таълим дастури лойиҳаси асосида  пойтахтимизда фаолият кўрсатаётган яна бир ўқув маркази билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Асосан IT йўналишига ихтисослашган, ташкил топганидан буён минглаб ёшларга дастурлаш, график-дизайн, маркетинг каби замонавий касбларни пухта ўргатиб келаётган “Najot ta’lim”ўқув маркази билан йўлга қўйилган ҳамкорлик фонднинг яна бир ютуғи бўлди, дейиш мумкин.

Таъкидлаш керакки, IT йўналишида мамлакатимизда энг етакчи ўқув марказларидан бири ҳисобланган мазкур билим масканини шу вақтгача 6000 нафардан ошиқ ёшлар битириб чиққан бўлса, уларнинг 85-95 фоизи ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлашган. Айни пайтда ўқув марказида SMM, JavaScript, Python каби замонавий мутахассисликлар бўйича ҳам таълим бериб келинмоқда.

– Замон тезлашиб, ҳаётимизга илғор технологиялар кириб келгани сари IT мутахассисларга бўлган талаб ҳам ошиб бормоқда, – дейди ўқув маркази директори Темурбек Адҳамов. – Тан олиш керак, бугун ахборот технологиялари кириб бормаган соҳани топиш амримаҳол. Бу соҳасиз муваффақиятга эришишни эса тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Бугун “Вақф” хайрия жамоат фонди билан хайрли ишга бош қўшдик. Шу ҳамкорлигимиз меваси сифатида ўнлаб, юзлаб эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандлари замонавий касбларни эгалласа, ишли бўлса, оиласини боқиш имкониятига эга бўлса, биз мақсадимизга эришган бўламиз.

Айни пайтда ўқув марказида кўмакка муҳтож оилаларнинг бир-неча фарзандлари бепул таълим олишга киришди. Келгусида уларнинг сони янада ошади.

Қадрли юртдошим! Фарзандларимизни илмли ва маърифатли қилишдек бу савобли ишга Сиз ҳам ўз ҳиссангизни қўшинг.

Нажот таълимда: яна бир ўқув маркази билан меморандум имзоланди
26 Январь, 2024 йил | 103