Ҳасан бин Ҳамза Ҳошим: “Хайрия ишларига ҳисса қўшишни хоҳлаймиз"

Ўзбекистон мусуломонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари Исохон Абдуллаев Қатар давлатининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳасан бин Ҳамза Ҳошим билан учрашди. Қатарнинг Ўзбекистондаги элчихонасида бўлиб ўтган учрашув давомида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув давомида И. Абдуллаев самимий қабул учун элчига ўз миннатдорлигини билдириб, сўнгги йилларда ислом динига эътиқод қилувчи икки давлат ўртасидаги алоқалар тобора ривожланиб бораётганини қайд этди. Маданий-маърифий, диний соҳадаги алоқалар ҳам йилдан-йилга мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлаб, “Вақф” фонднинг ташкил топиши, мақсад ва вазифалари ҳақида маълумот бериб ўтди.

Ўз навбатида элчи жаноблари ҳамкорликнинг янги босқичга чиқишида икки давлат ўртасидаги виза режимининг енгиллаштирилиши муҳим омил бўлаётганини алоҳида қайд этди. “Вақф” фонди томонидан амалга оширилаётган хайрли ишлардан ҳам озми-кўпми хабардор эканлигини таъкидлаб, аҳолининг кўплаб қатламига енгиллик ва қулайлик олиб келаётган лойиҳаларда иштирок этишдан хурсанд ва манфаатдор эканлигини билдирди.

Дўстона ва самимий руҳда ўтган учрашув давомида элчи жаноблари “Вақф” хайрия жамоат фондининг бир қанча истиқболли лойиҳаларида иштирок этиш истагини билдирди. Хусусан, элчихона кам таъминланган, имконияти чекланган фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларни касб-ҳунарга ўргатувчи ўқув марказларини ташкил этиш, зарурий жиҳозлар (эшитиш мосламалари, ногиронлик аравачалари, ҳасса ва қўлтиқтаёқлар, протез ортопедия-маҳсулотлари) билан таъминлаш, Рамазон ойида хайрия акцияларини ташкил этиш, қадимий қўлёзма ва адабиётларни қайта тиклаш ва уларни рақамлаштириш, сув тақчил ҳудудларда сув чиқариш бўйича ҳамкорлик қилиб, фондга ҳар жиҳатдан кўмак беришга тайёрлигини айтиб ўтди.

Учрашув сўнггида элчига эсдалик совғалари топширилди.

Учрашувда шунингдек, Қатар давлатининг фавқулодда ва мухтор элчиси ўринбосари Холид ибн Али ал Малик Жиҳаний ва фонднинг халқаро алоқаларни ривожлантириш бўйича мутахассиси Миржалол Қосимов иштирок этди.

Ҳасан бин Ҳамза Ҳошим: “Хайрия ишларига ҳисса қўшишни хоҳлаймиз
30 Январь, 2024 йил | 329