БОҚИМАНДАЛИКНИ КАСБ ҚИЛМАНГ

Яқинда “Вақф” хайрия жамоат фонди вакиллари хайрия карвони билан Жиззах вилоятига борганида вилоятнинг чекка ҳудудида 4 нафар фарзанди билан ночор аҳволда яшайдиган бир аёлнинг ҳолидан хабар олишди. Қиш фасли бўлсада янги қурилган уйининг томини ёполмай, моддий жиҳатдан анча қийналган аёлга кўмак сифатида озиқ-овқат ва бошқа маҳсулотлар қатори маълум суммадаги пул эҳсон қилинди. Аёл уларни олишни ҳам, олмасликни ҳам билмай жуда ҳижолат бўлди. Пулни эса “бу жуда кўпку”, дея минг истиҳолада қабул қилди.

Аслида тўрт фарзанди билан бева қолган бу аёл моддий ва маънавий кўмакка жуда муҳтож эди. Унинг оилавий ҳолати ўрганилган, ҳақиқатан ҳам эҳтиёжманд эканлиги текширилган эди. Шундай бўлсада, у ҳеч қайси идорага “менга ёрдам беринглар”, дея бош суқмади, тиланмади. Ҳа, ҳаммияти бор, ор-номусли инсон ночор аҳволда қолсада, бировга ялинмайди. Тўрт мучаси соғ бўлса, ҳалол меҳнат қилиб, бир амаллаб бўлсада рўзғорини тебратади.

Афсуски, сўнгги пайтда турли идораларга, фондларга бирор нарса умидида зир-зир қатнайдиган, боқимандаликни ўзига касб қилиб олганлар тоифаси кўпайиб кетди. Бугун бир идорага, эртага яна бошқасига, сўнгги куни яна бир муассасага бирор нарса ёки пул умидида бош суқади. Аслида бундайларнинг моддий аҳволини текширсангиз, ҳеч ҳам зориқмаган, ўзига тўқ оила бўлиб чиқиши мумкин.

Яқинда “Вақф” вакилларининг Фарғона вилоятига сафари давомида маҳалла раисларининг кўрсатмаси билан эҳтиёжманд, қийналиб қолган, деб айтилган икки оилага маиший техника эҳсон қилинадиган бўлди. Шунда фонд ходимлари ҳар эҳтимолга қарши ўша моддий ёрдамга муҳтож, деб кўрсатилган оилани ўрганганида бутунлай кутилмаган ҳолат кўзга ташланди. Яшаши ҳароб, жуда эҳтиёжманд, деб кўрсатилган оилаларнинг уй-жойи бинойидек, ночорликдан асар ҳам йўқлиги маълум бўлди. Ҳовлиларнинг бирида қўш автомобил, яна бирида кечагина автосалондан чиққан янги машина турганига гувоҳ бўлишди. Турган гапки, улар ҳақиқатан ҳам ёрдамга муҳтож оилалар рўйхатидан чиқарилди. Эртасига улар уялмасдан, ор қилмасдан яна “Вақф”га мурожаат қилиб, ваъда қилинган нарсаларни беришини талаб қилишди.

Кеча “Вақф” хайрия жамоат фонди хайрия карвонининг Сурхондарё вилоятига етиб бориб, кўплаб эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари, қишки кийимлар, кўмир, китоблар тарқатиш фонида ижтимоий тармоқларга жойланган бир видео жуда кўп баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Қандайдир бино олдида фонддан моддий ёрдам олиш умидида турган ўнлаб турли ёшдаги хотин-қизлардан қайсидир блогер интервью олиб, уларнинг ҳасратга тўла гап-сўзларини жамоатчиликка эълон қилди. Бозордаги гап-сўзларни эшитиб, ижтимоий тармоқлардаги эълонларни ўқиб, вилоятнинг қайсидир туманларидан келган аёллар жуда ночор аҳволдалигини таъкидлаб, фонд ходимлари ҳеч нарса беришмаётганини таъкидлашди. Узоқ жойдан келганига яраша қуруқ қайтармай, энг бўлмаса “бир кило картошка берсин”, деб нолишди.

Оллоҳ билгувчи, балки уларнинг орасида ҳам ҳақиқатан ҳам моддий ёрдамга муҳтожлари бордир. Лекин бир кило картошка талаб қилаётган ўша аёл вилоят марказига келгунча қанча маблағ сарф қилган экан? Уст-боши бут, тўрт мучаси соғ бўла туриб, бирор нарса берсин, дейишга виждони қандай йўл қўйди экан? Фалон жойда ёки дўконда егулик ёки кийим текин тарқатиляпти, деса ор-номусни тупроққа кўмиб, ўзидан бева-бечорани ясаб оладиган оломон нега кўпайиб бормоқда?

Назаримда, ялқовлик, дангасалик, «Берсанг ейман, урсанг ўламан!», қабилида боқиманда қатламнинг кўпайишига фуқароларимизда ор-номус, ғурур туйғусининг йўқолиб бораётгани сабаб бўлмоқда. Сайёр қабуллар, халқ қабулхоналари, давлат идораю муассасаларига ҳар доимги “навбатчи” мурожаатчилар қадам ранжида қилишмоқда. Афсуски, шундай мурожаатлар пайти «Бизга ёрдам пули бермайсизми? Бирор жойда ишламаймиз», дея қўл қовуштириб турган тўрт мучаси соғ, савлатидан от ҳуркадиган эркакларга ҳам, “ишсизман, аҳволим оғир” дея сайёр қабулдан тикув машинаси, бошқасидан пул ундириб юрган аёлларга ҳам дуч келдик.

Бир жиҳатни таъкидлашни истардик. Ҳар доим ҳудудлардаги маҳалла раислари, масжидлар ходимлари ёрдамга муҳтож, дея шакллантирилган оилалар рўйхатини фонд ходимларига тақдим қилишганида вазият шу ҳолида қолдирилмайди. 10-15 кун олдин ушбу рўйхат фонд ходимлари томонидан чуқур ўрганилади. Улар ўша оилалар яшайдиган хонадонга бориб, яшаш шароити билан танишади. Оила бошлиқлари, фарзандларининг қизиқиши сўраб-суриштирилади, моддий аҳволи текширилади. Ҳақиқатан ҳам ёрдамга муҳтож деб топилганидан кейингина уларга эҳсон ажратилади.

Боқимандалик жамият ривожига тўсқинлик қилувчи аянчли иллатдир. Унга мубтало бўлганларда ҳаёт қийинчиликларини енга олиш иммунитети йўқолади. Ор-номуссиз, ҳаммиятсиз бу тоифадаги кишилар кимларгадир ялиниб-ёлворишдан, уларга қарам бўлишдан ҳам уялишмайди. Маълум миқдордаги пул ёки озиқ-овқат, қандайдир нарса ундирмагунича уруш-жанжал қилишдан, номусини йўқотишдан ҳам тўхтамайди. Шундай бўлиб қолишдан ҳаммамизни Оллоҳнинг ўзи асрасин.

БОҚИМАНДАЛИКНИ КАСБ ҚИЛМАНГ
6 Февраль, 2024 йил | 504