Қозоғистон "Вақф" фонди раҳбари Ўзбекистонга келди
25 февраль куни Қозоғистондаги "Уақип" (Вақф) фонди раҳбари Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди. Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов Қозоғистон давлати “Уақип” фонди раҳбари Қайрат Азимов билан учрашув ўтказди. Мулоқотда икки вақф фонди ўртасида ҳамкорлик алоқаларини йўлга қуйиш, тажриба алмашиш ва хайрия ишларини ташкил этишда намуналар олиш масалалари ҳақида сўз юритилди.

"Уақип" фонди президенти Қайрат Азимов "Вақф" хайрия жамоат фонди раҳбари Искандар Халилов билан ҳам мулоқот ўтказди. Икки томон ўртасида ўтказилган учрашувда фондлар томонидан амалга оширилаётган амалий ишлар, лойиҳалар хусусида фикр алмашилди. Ўзаро ҳамкорликнинг йўналишлари белгилаб олинди.

Ўзбекистон "Вақф" фонди томонидан амалга оширилган ишлар акс этган видеоролик меҳмонларга намойиш этилди. Қисқа вақт ичида Фонд томонидан амалга оширилган йирик лойиҳалар таҳсинга сазовор эканини таъкидлаган Қайрат Азимов, Фонднинг жума маърузаларни сурдо таржима қилиш лойиҳаси, имомларни қўллаб-қувватлаш сингари лойиҳаларига юқори баҳо берди.

Қозоғистон "Вақф" фонди раҳбари учрашувда ўзи раҳбарлик қилаётган жамғарма фаолияти ҳақида маъруза қилди. Ушбу маърузада Қозоғистонда амалга оширилаётган ишлар, йўлга қўйилган лойиҳалар хусусида тўхталиб ўтди. Ёш оилалар, кам таъминланган ва ёлғиз аёлларни малакасини ошириш тизимининг йўлга қўйилгани ушбу ташкилот томонидан амалга оширилаётган йирик лойиҳалардан бири экани айтиб ўтилди.

Бундан ташқари, Қозоғистон "Вақф" фонди томонидан "Оила", "Келажакка қадам", "Ҳажга борувчиларга кўмак" сингари лойиҳалар тўғрисида маълумот берилди.

 

"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

25 Февраль, 2019 йил | 1301