Вақф фонди Наманганда ногиронлиги бор бўлган шахслар ва етимларга хайру эҳсон улашди

Бутун оламларнинг Парвардигори карами кенг, саховати чексиз бўлган зотки, У ўз хазинаи ғайбиясидан бандаларига қанча инъом қилса-да, ундан ҳеч бир нарса камаймайди. Парвардигоримиз биз бандаларини ҳам Ўзининг сифатларидан ўрнак олиб, доимо хайру саховатли бўлишга ва эҳсон қилишликка буюради. Мазкур буйруқни ўз олдига дастур қилган "Вақф" хайрия жамоат фонди ҳам ўзининг "Мурувват карвони" акцияси доирасидаги кенг қамровли хайрия тадбирларини давом эттирмоқда. Жорий йилнинг 20 июнь куни Наманган вилоятининг Наманган шаҳридаги Туркитсон тўйхонасида акция доирасида навбатдаги тадбир ўтказилди. Тадбирда 72 нафар боқувчисини йўқотган етимларга кийим кечак, озиқ-овқат махсулотлари ва 10 нафар ногиронлиги бор бўлган ватандошларимизга ногиронлар аравачаси ва рўзғор буюмлари топширилди. Шунингдек, эшитиш ва гапиришда нуқсони бўлган фуқароларимиз учун масжидлардаги жума маърузаларини сурдо тилига таржима қилишга мўлжалланган махсус техникалар, вилоят масжидларига тақдим этилди. 

 

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Оли Имрон сураси 92-оятида шундай марҳамат қилади:

 

“Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жанатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир”.

"Вақф" хария жамоат фонди саховатпеша ватандошларимизни мухтожлар кўнглини шод этиб Аллоҳ таолонинг розилигига эришиш йўлида ҳамкорлик қилишга чорлайди. Унутманг "Вақф" фонди хайру эҳсонларингизни ўз эгаларига топширишда шаффофлик ва очиқликни кафолатлайди.

 

"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

21 Июнь