Наманганга "Мурувват карвони" жўнаб кетди

“Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан юртимизнинг барча ҳудудларида ўнлаб хайрия тадбирлари амалга оширилмоқда. Рамазон ойидан кейин эса барча вилоятларда “Мурувват карвони” акцияси ўтказилиши режалаштирилди. Ушбу акциянинг дастлабки босқичи Наманган вилоятида ташкил этилади. Акция доирасида Наманган вилоятида истиқомат қилувчи имконияти чекланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш кўзда тутилган.

 

Шу мақсадда, бугун, 19 июнь куни "Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан Наманган вилояти аҳолисига улашиш режалаштирилган қарийб 56 миллион сўмлик ногиронлик аравачалари, "Ҳилол нашр" нашриёти томонидан чоп этилган Курьони каримлар, хўжалик маҳсулотлари ва кийим-кечаклар юк машинасига жойланди. Фонд бошқарув раҳбари И.Халиловнинг дуолари билан карвон Наманган вилояти сари йўлга тушди.

Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида "Кимки бир яхшилик қилса, у (яхшиликнинг мукофоти)ни кўради" ("Залзала" сураси, 7-оят), дея марҳамат қилган. Саҳоватпеша ҳомийларимизнинг Аллоҳ таоло ризолиги учун қилган ҳар бир эҳсонларини Ўзи даргоҳида қабули мақбул айласин.

 

Бу дунёдан ҳеч қандай бойликларимизни олиб кета олмаймиз, бироқ уларни ўзимиздан олдин юборишимиз мумкинлигини унутманг! Савобли амалларни кўпроқ қилишга шошилинг!

 

Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Оли Имрон сурасида “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир” (92-оят).

 

Қилинган хайру эҳсонларни Аллоҳ ўз даргоҳида қабул қилсин.

 

"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

19 Июнь, 2019 йил | 1273