Ногиронлик аравачасига муҳтож фуқарога кўмак кўрсатилди
Фонд томонидан кўмакка муҳтож бўлган ногирон кишиларга кўмак берилмоқда. Бундай амалий ишларда Фондга таянч ва суянч бўлаётган хайрияпарвар юртдошларимизга Аллоҳ таолонинг Ўзи улкан ажрлар беришини тилаймиз.

 

Жорий йилнинг июнь ойида "Вақф" хайрия жамоат фондига Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида истиқомат қилувчи фуқаро М.Муҳаммедова ариза билан мурожаат қилиб, фарзанди 26 ёшли Д.Қобилованинг даволаниши учун моддий ёрдам сўраган. Д.Қобилова 1-гуруҳ ногирони бўлиб, доимий тўшакда даволанишга мажбур. Унинг саломатлиги учун дори воситалари зарурлиги, оила яшаб турган хонадоннинг ижара тўловларини тўлашдаги қийинчиликлар борлигини маълум қилган. Бундан ташқари, Д.Қобилова учун ногиронлик араваси зарурлиги ҳам қайд этилди.

 

Фонд раҳбари топшириғига биноан, ушбу фуқаронинг аризаси атрофлича ўрганилиб, фуқарога Фонд томонидан янги ногиронлик аравачасини тақдим этишга кўрсатма берилди.

 

"Вақф" хайрия жамоат фонди саховатпеша инсонларни юртимиздаги имконияти чекланган инсонларга кўмак бериш, уларнинг кўнгилларини шод этиш ҳамда оғирларини енгил қилишда фаол бўлишга чақиради. Муҳтож инсонларга Аллоҳ йўлида қарзи ҳасана қилиш орқали охиратингиз учун зарур бўлган ажрларга эришинг! Аллоҳ таоло қилаётган эҳсонларимизни Ўз даргоҳида қабули мақбул айласин!

 

 

"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

4 Июль