Фонд томонидан тиббий муолажага муҳтож инсонга кўмак берилди.

"Вақф" хайрия жамоат фонди томонидан саҳоватпеша инсонларнинг кўмаги билан юзлаб тиббий муолажага муҳтож, аҳволи ночор бўлган инсонларга ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Бу каби қўллаб-қувватлашга муҳтож инсонларнинг мўмин-мусулмонлар эътиборида эканини кўрсатади.

Жорий йилнинг июнь ойида Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро, 2-гуруҳ ногирони бўлган Лазиз Аҳмедов Фондга ўзининг ҳасталиги сабаб даволаниши учун кўмак сўраб мурожаат қилган эди.

Икки буйраги ишламайдиган, қонини доимий равишда гемодиализ амалиётига муҳтож бўлган Л.Аҳмедов оилавий шароитининг оғирлиги, вояга етмаган фарзандлари борлиги сабаб топган пулини тиббий муолажага етказа олмаяпти.

Фонд раҳбарининг кўрсатмаси билан ушбу инсонга зарур дори воситалари ва тиббий муолажа учун маблағ ажратилди.

Унинг онаси эса фарзандининг аҳволига бефарқ бўлмаган, уларга кўмак кўрсатган хайрияпарвар инсонларни кўзида ёш билан дуолар қилди.

"Вақф" хайрия жамоат фонди барчани муҳтожларга кўмак беришга, бу орқали эса Аллоҳ таолонинг розилигига эришишга чақиради.

 

"Вақф" хайрия жамоат фонди

3 Июль