"Вақф" фонди Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда

"Вақф" хайрия жамоат фонди бугунги кунда турли йўналишларда йирик лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Хайрия тадбирлари, вақф мулкларини тасарруф қилиш ишлари билан бир қаторда "Вақф" фонди Ўзбекистонда зиёрат туризми соҳасини ривожлантиришга ҳам ўз ҳиссасини қўшишда фаоллик кўрсатмоқда.

 

Зиёрат туризми мамлакатимизнинг жаҳондаги обрў-эътиборини янада оширишда, миллионлаб мусулмонларнинг буюк алломалар ва мутафаккирлар ўтган муқаддас заминимизга ташриф буюришида, бизда мавжуд исломий меросни ўрганишда муҳим аҳамиятга эга. 

 

Шуни тўғри англаган ҳолда Фонд раҳбарияти биринчи навбатда юртимизда сайёҳлар учун зарур инфратузилмани яратишда иштирок этмоқликни муҳим вазифа деб қабул қилди. Зиёратгоҳларни таъмирлаш ва ободонлаштириш, масжидлар қуриш, мавжуд масжидларни қайта таъмирлашга аҳамият қаратилмоқда. Бунинг натижасида нафақат юртимиз аҳолиси учун, балки мусулмон мамлакатлардан ташриф буюраётган сайёҳлар учун ҳам қулай шароитлар яратилади.

 

Фонд тасарруфида бугунги кунда 189 та зиёратгоҳ бўлиб, ушбу зиёратгоҳларни қайта таъмирлаш, ободонлаштириш ҳамда зиёратчиларга шароитлар яратиш ҳамда бошқа ҳаражатлар учун 2018 йилда 1,5 миллирд сўм, 2019 йилнинг январь-май ойларида 6,5 миллиард сўм сарфланган. Юқоридаги рақамлардан кўриниб турибдики, Фонд томонидан зиёратгоҳларда зиёратчилар учун қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

 

Шунингдек, Фонд томонидан янги масжидлар қуриш, масжид намозхоналари ва таҳоратхоналарини таъмирлаш билан боғлиқ амалий ишлар Қашқадарё, Самарқанд, Сурхондарё ва Навоий вилоятларида амалга оширилмоқда.

 

Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги "Чим" масжиди, Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги "Сарикул" ва Тойлоқ туманидаги "Ястепа" масжидлари, Навоий вилояти Нурота туманидаги "Чуя" масжидлари Фонд томонидан ҳомийларни жалб этган ҳолда қурилмоқда. Ушбу тўрт масжидни қуриш учун бугунги кунга қадар Фонд ҳамда ҳомийлар маблағи ажратилди.

 

Бундан ташқари, зиёрат туризми мақсадида Сурхондарё вилоятига ташриф буюрган сайёҳлар учун мўлжалланган Термиз шаҳридаги "Вақф" меҳмонхонаси ташкил этилмоқда. Бугунги кунда ушбу меҳмонхонада қурилиш ишлари амалга оширилаётган бўлиб, меҳмонхона биносини капитал таъмирлаш ва меҳмонхона сифатида қайта жиҳозлаш учун Фонд ва ҳомийлар маблағлари ҳисобидан маблағлар сарфланди. Ушбу меҳмонхона Ҳаким ат-Термизий зиёратгоҳи яқинида жойлашган.

 

Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида "Кимки бир яхшилик қилса, у (яхшиликнинг мукофоти)ни кўради" ("Залзала" сураси, 7-оят), дея марҳамат қилган. Саҳоватпеша ҳомийларимизнинг Аллоҳ таоло ризолиги учун қилган ҳар бир эҳсонларини Ўзи даргоҳида қабули мақбул айласин.

 

"Вақф" хайрия жамоат фонди матбуот хизмати

24 Июнь, 2019 йил | 1388