ВАҚФ БАРАКАДИР

"Вақф" хайрия жамоат фонди фаолияти кундан кун ривожланиб, янгидан янги манзилли режа ва дастурларни амалга оширмоқда. Хусусан, халқимиз дастурхонига турли нозу неъматларни тортиқ қилиш, қолаверса арзон нархларда бозорларимизга чиқариш йўлида амалий қадамларни бошлаб юборди. 10 гектарга яқин ер майдонига полиз экинлари, 240 туп лимон, бодом, олма, гилос, олча, нок ва бошқа турдаги полиз ва мева кўчатлари экилди. Мева тугиши узоқ вақтни талаб этадиган лимон кўчати бу йилнинг ўзидаёқ меваларини беришни бошлади. Бу ҳеч шубҳасиз, Аллоҳ таолонинг берган улкан барокотидир. Байрам дастурхонини мева-чеваларсиз тасаввур этиш қийин. Чунки дармондорига бой ушбу маҳсулотлар кўпчилик томонидан севиб истеъмол қилинади. 

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугун халқимиз томонидан арзон маҳсулотларга эҳтиёж юқори. Ана шуни инобатга олган ҳолда “Вақф” хайрия жамоат фонди бу йўналишда ҳам кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда. Фонд раҳбари Искандар Халиловнинг таъкидлашича, “Мақсадимиз халқимиз розилигини олиш. Улар дастурхонига ширин, мазали ва асосийси арзон нархларда сархил мева ва сабзавот маҳсулотларини етказиб бериш”. Шунингдек, бу ҳудудда асаларичилик, балиқчилик, чорвачилик соҳаларини ҳам ривожлантириш бўйича йўл харитаси ишлаб чиқилган. 

Дарҳақиқат, рози бўлиб қилинган ишларда барака бўлади. Халқимиз томонидан вақф ва хайрия ишлари учун Яратган розилиги йўлида қилинаётган бу эҳсонлар инша Аллоҳ ўз мевасини бу дунёда ҳам, охиратда ҳам бергуси.

 

ЯНГИ ТАШАББУСЛАР ЙЎЛИДА

Атиргул иси кўпчиликнинг баҳри дилини очади. Атиргул шифобахш хусусиятларга ҳам эга бўлиб, гулбарги таркибида эфир мойи мавжуд. 

 

Дарҳақиқат, “Вақф” хайрия жамоат фонди яна бир ташаббусга қўл урди. Маълумки, халқимиз турли байрамлар, тўй-томошалар, хуллас яхши кунлар борки, бир боғ гуллар тўпламини яқинларига илинади. Шуни инобатга олиб, Фонд томонидан шаҳримиз бўйлаб гул дўконларини очиш режалаштирилди. Дастлаб, 4 сотихга яқин ерга оқ ва қизил атиргул кўчатларини экилиб, ҳозирда бозорларимизга чиқиш арафасида турибди. Албатта, бунда ҳам рамзий маъно бор. Арзон ва қулай нархларда “Вақф” гул дўконларидан сотиб олинса, улардан тушган фойда мамлакатимиздаги меҳрибонлик уйлари, ногиронлар, боқувчисини йўқотган ва кам таъминланган оилаларга берилади.  

Янги ташаббуслар йўлида Фонд раҳбарияти доимий изланишда. Бу йўлда халқимиз томонидан қўллаб-қувватлаш, қилинаётган хайрли ишларга оз бўлсада ҳисса қўшиш қанчадан қанча инсонларга қувонч ва шодлик олиб келишини унутмасликларини тилаб қолардик.

 

"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

3 Июль