"Вақф" фонди масъуллари Эркинжон аканинг ҳолидан хабар олди
Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир” дея марҳамат қилади. (Оли Имрон сураси, 92-оят).

 

Аввалроқ, vaqf.uz сайтимизда "Бош миясида ўсимта бўлган Эркинжон ака жарроҳлик столига ётиши зарур" деб номланган мақола эълон қилинган эди. Ушбу мақолада “Малҳам” акцияси доирасида 1963 йилда туғилган Абдуллаев Эркин Иргашевичнинг бош мия орқа қисмида 4,5 сантиметрли ўсимтани жарроҳлик амалиёти йўли билан даволатиш учун эҳсонлар тўпланаётгани маълум қилинган эди. 

 

“Вақф” хайрия жамоат фонди шу кунга қадар кўплаб бемор ва кўмакка муҳтож инсонлардан кўмак сўралган мурожаатларни қабул қилмоқда. Эркинжон акага Фонд томонидан жорий йилда ногиронлик аравачаси ҳомийлар кўмаги билан тақдим этилган эди. Бундан ташқари, жорий йилнинг 10 июль куни ушбу инсоннинг ҳолидан хабар олиш мақсадида у кишининг хонадонларига Фонд ходимлари ташриф буюрди. У кишидан ҳол-аҳвол сўралиб, Фонд томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари, китоб ва жойнамоз тақдим этилди.

 

 

Кўмакка муҳтож инсонларга ёрдам қўлини чўзаётган саҳий инсонларнинг эҳсонларини Аллоҳ таоло ўз даргоҳида қабул айласин.

 

Зеро, Аллоҳ таоло Қуръони каримда "Кимки бир яхшилик қилса, у (яхшиликнинг мукофоти)ни кўради" ("Залзала" сураси, 7-оят), дея марҳамат қилган.

 

Маълумот учун, “Малҳам” акцияси доирасида катта маблағ талаб этиладиган тиббий амалиётга муҳтож фуқароларга ёрдам бериш кўзда тутилган. Ушбу акция учун тўлов электрон тўлов тизимлари орқали амалга оширилиши мумкин.

 

"Вақф" хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

12 Июль