Малайзияда бўлиб турган «Вақф» хайрия жамоат фонди делегацияси бугун 23 сентябрь куни Малайзия Вақф бош бошқармасида (фондида) бўлишди. Меҳмонларни ташкилот раҳбари доктор Ризван ибн Бакар кутиб олиб, фонднинг ташкил топиши, хайрия йўналишлари, қандай вазифалар билан шуғулланиши ҳақида батафсил маълумот бериб ўтди.
⚡️ Фонд 2008 йилда Малайзия Ислом ишлари вазирлиги тасарруфида ташкил топган бўлиб, уни 21 нафардан иборат бўлган васийлар кенгаши аъзолари бошқаради. Унинг асосий йўналишдлари эҳтиёжманд аҳолига ёрдам кўрсатиш, таълим, соғлиқни сақлаш, вақф мулклари кабилардир. Хусусан, вақф мулклари – у хоҳ пул маблағлари шаклда, хоҳ кўчмас мулк объектлари шаклда бўлсин, – уларни кўпайтириш устувор аҳамият касб этади. Хусусан, Малайзия пойтахтида иккита катта меҳмонхона Вақф фонди томонидан бунёд этилиб, айни пайтда вақф мулклари сифатида фаолият кўрсатади.
⚡️ Шунингдек, фонд аҳолининг энг қуйи қатлами бўлган эҳтиёжманд аҳолига ҳам турли шаклларда ёрдам кўрсатиб келади. Бу жараёнда нафақат унга моддий ёрдам берилар, балки ўзини тутиб олиши учун зарур техникалар ҳам бепул ажратилар экан. Бу борада етказиш хизматида ишлаётган аҳоли вакилларига фонд томонидан мотоцикллар берилганини айтиб ўтиш мумкин. Аҳамиятли томони, ўша техникаларни олиб ишлатаётган шахс мотоцикл пулини бўлиб-бўлиб қайтариши ёки умуман қайтармаслиги ҳам мумкин. Энг асосийси, ўша эҳтиёжманд шахс ўз йўлини топиб, моддий томондан ўзини ўнглаб олса, жамиятга фойдаси тегса фонд ўз олдига қўйган мақсадига эришган ҳисобланар экан.
Учрашувда Ўзбекистон делегацияси вакиллари ҳам “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳақида кенг маълумот бериб ўтишди. 2018 йилда Президент фармони билан ташкил топган фонд ҳам худди Малайзиядаги Вақф фонди каби ўхшаш йўналишларда турли вазифалар билан шуғулланиши, асосан кам таъминланган, эҳтиёжманд аҳолига моддий-маънавий ёрдам кўрсатиб келиши айтиб ўтилди. Жорий йилдаги Рамазон ойи ва Қурбон ҳайити пайтида давлат томонидан фондга катта маблағ йўналтирилиб, минглаб эҳтиёжманд оилалар, оғир касалликдан азият чекаётганларга моддий-маънавий ёрдам кўрсатилганини алоҳида таъкидлаб ўтишди. Шунингдек, Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида фонд томонидан амалга оширилган катта хайрия тадбирлари, акциялари тўғрисида ҳам маълумот берилди.
Учрашув якунида мулоқот жуда манаатли бўлганлиги таъкидланиб, келгусида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириб, ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйишга келишиб олинди. Шундан сўнг икки томон ўзаро эсдалик совғалари алмашишди.