Аввал хабар берганимиздек, шу йил 20 июнь куни Ўзбекистон делегацияси Саудия Арабистонининг Ҳаж ва умра вазири таклифига биноан Жидда шаҳрида ўтказилган ҳаж симпозиумида иштирок этди.
Ушбу анжуманда 50 дан зиёд давлатдан келган жами 500 нафар иштирокчи қатнашди, ўнлаб илмий-маърифий маърузалар қилинди, янгича хизматлар ва инновацион лойиҳалар тақдимоти ўтказилди ҳамда мавзуга доир кўргазмалар намойиш этилди.
Эътиборлиси, очилиш маросимида ҳаж-умра хизматлари ривожланиш жараёнлари ҳақида кўрсатилган махсус фильмда Ҳаж ва умра вазирлиги билан Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик алоқаларига алоҳида урғу берилди.
Айниқса, 2022 йил август ойида Ҳаж ва умра вазирининг юртимизга келгани ва 2023 йил январь ойида эса Ўзбекистон делегациясининг Саудия Арабистонига ташрифига оид лавҳалар иштирокчиларга намойиш этилди.
Симпозиум доирасида Ўзбекистон делегацияси Саудия Арабистони Подшоҳлиги мутасаддилари, хусусан, Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа, вазир ўринбосари ал-Ҳасан бин Яҳё ал-Ламнахра ва маслаҳатчи доктор Бадр Суламий билан бўлган мулоқотларда Ўзбекистон ва Саудия муносабатлари барча соҳаларда ривожланиб бораётгани, ҳаж-умра зиёратчилари учун муносиб шарт-шароитларни кўрсатилаётгани ҳамда машоир майдонларида юқори даражадаги хизматларни ташкил этиш борасида музокаралар олиб борилди.
Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа симпозиум томонлар манфаатига хизмат қиладиган ҳамкорликни янада ривожлантириш, зиёратчилар учун барча зарур шарт-шароитларни ташкил этиш, шунингдек, зиёратчиларнинг руҳий-маънавий оламига ижобий таъсир қилиши мумкин бўлган масалаларни муҳокама этиш учун катта майдон эканини қайд этди.
Шу билан бирга, у келажакда шариат мақсадларига мос келадиган инновацион ёндашувларни ривожлантириш учун кўп қиррали мулоқотларни мунтазам ташкил этиш ва турли йўналишларда алоқаларни мустаҳкамлашга урғу берди.
Ҳарами шариф масжиди бош имоми Абдураҳмон ас-Судайс Aллоҳ таолонинг марҳамати ила ҳаж амали адо этиладиган муборак манзиллардаги хизматларни янада такомиллаштириш, жорий йилги ҳажда хизмат кўрсатиш сифатини тарихдаги энг юқори даражага кўтариш, кўп функцияли кадрлар билан таъминлаш, Икки Ҳарами шарифдаги ишчи кучини 14 000 нафарга етказишга катта эътибор қаратилаётганини билдирди.
Шунингдек, у уламолар томонидан Икки Ҳарами шарифда ҳаж амалларига оид тушунтириш ишлари олиб борилиши ва ҳажга оид фиқҳий мавзуларга алоҳида эътибор қаратилишини қўшимча қилди.
Муқаддас пойтахт шаҳри котиби Солиҳ бин Али ат-Туркий Ҳаж ва умра тадбирлари доимий равишда кашфиёт ва янги технологик жиҳозларни талаб қилиши, ҳаж ва умра тизимини такомиллаштириш дастури ишлаб чиқилгани, ҳаж мавсуми давомида ҳожиларни сифатли озиқ-овқатлар билан таъминлаш кабилар ҳақида ҳам тўхталди. Шунингдек, у соғлиқни сақлаш, экология, транспорт каби йўналишлардаги хизматлар ҳам мукаммал бўлиши учун барча чоралар кўрилаётганини сўзлади.
Хавфсизлик ишлари бошқармаси бошлиғи Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Бисамий ҳожининг хавфсизлиги ва саломатлигини таъминлаш катта масъулият экани, муқаддас жойларда 40 дан ортиқ хизмат кўрсатиш маркази ташкил этилгани, марказ мутасаддиларига ҳожилар хавфсизлигига эътибор қаратиш вазифаси юклангани, ўз навбатида, ҳар бир ҳожидан белгиланган кўрсатма, тартибот ва жадвалларга қатъий риоя қилиши зарурлигини таъкидлади.
Шунингдек, у ҳожилар хавфсизлигини таъминлаш, муносиб шароитлар ҳозирлашга катта аҳамият берилаётгани, зиёратчиларни кутиш ва кузатиш учун катта тайёргарлик кўрилгани, истиқболли режалар тузилгани, миллионлаб ҳожиларни муайян соатда бир жойдан иккинчи жойга ўтказишга пухта ҳозирлик кўрилганини алоҳида қайд этди.
Фуқаро мудофааси бошлиғи доктор Ҳаммуд бин Сулайман Фараж миллионлаб зиёратчиларни кутиб олиш учун бир йил давомида ўнлаб ташкилотлар билан тайёргарлик кўрилгани, турли муаммолар олди олингани, юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда ҳолатларни бартараф этиш чоралари кўрилганини маълум қилди.
Куннинг иккинчи ярмида симпозиум 4 та сессияга бўлинган ҳолда ўз ишини давом эттирди. Биринчиси, Зиёратчилар хизматида ҳамкорлик ва интеграция зарурати. Иккинчиси, хизматга тайёрлик ва операцион режалар: асосий имкониятлар ва истиқболлар. Учинчиси, Ҳажда енгиллик фиқҳи. Тўртинчи: илм-фан ва технология ютуқларидан Ислом дини равнақи йўлида фойдаланиш, деб номланди.
Шунингдек, симпозиумда сўзга чиққан нотиқлар тиббий хизматлар даражасини ошириш, хизматларни рақамлаштириш қамровини кенгайтириш, катеринг хизматлари ва турли давлатлар тажрибалари ҳақида маълумот бердилар.
Симпозиумда билдирилган таклиф ва тавсиялар асосида тегишли қарорлар қабул қилинди. Албатта, бу қарорлар ҳожилар амалларини бекаму кўст адо этишига замин ҳозирлайди ҳамда Раҳмоннинг меҳмонларини мамнун этади, иншо Аллоҳ.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати