Жорий йилнинг 28 июль санасида, Британия бирлашган қироллигида истиқомат қилувчи Нақшбандия тариқатининг пешқадам Шайхи жаноб Муҳаммад Абдуллоҳ Атиқ ва у кишининг ўғли Британия Ислом илмлари институти ва Фатво бошқармаси муфтийcи доктор Мунаввар Атиқ ҳамроҳлигидаги 25 нафар зиёратчилардан иборат делегация Ўзбекистонга ташриф буюришди.
10 кун давом этган сафар давомида меҳмонлар Сурхондарё, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида жойлашган бир қанча зиёратгоҳларда бўлишди. Меҳмонларни Вақф фондига бириктирилган зиёратгоҳларнинг масъул ходимлари муносиб кутиб олишди ва уларга зиёратгоҳлар тарихи, Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумотлар берилди.
Меҳмонлар 5 август куни Самарқанд вилоятидаги имом Исмоил ал- Бухорий қабрини зиёрат қилишиб, у жойда амалга оширилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари билан ҳам яқиндан танишди.
Ташриф сўнгида Вақф хайрия жамоат фонди Халқаро алоқаларни ривожлантириш бўлими бошлиғи М.Қосимов меҳмонлар билан учрашиб, шахсан муфтий доктор Мунаввар Атиқ билан суҳбат олиб борди. Суҳбат давомида меҳмонларимиз мазкур сафардан жуда катта таассурот олганлигини, зиёратгоҳларни обод қилиш, зиёрат туризмини ривожлантириш бўйича Ўзбекистонда олиб борилаётган ишлар уларни ҳайратга солганлигини айтиб, келгусида яна Ўзбекистонга ташриф буюриш ниятида эканлигини таъкидлаб ўтди.
Меҳмонлар Ислом илмлари бешиги бўлган она Ватанимизнинг янада гуллаб яшнашини Аллоҳдан сўраб дуолар қилишди.