Бугунги брифингда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан 2018-2021 йилларда мамлакатимизда фаолият юритаётган масжидларни моддий қўллаб-қувватлаш, қайта қуриш, жорий ва капитал таъмирлаш учун амалга оширилган ишлар ва хайрия тадбирлари ҳақида ахборот бериб ўтамиз!
Маълумки, “Вақф” фонди 2018 йил 16 апрелда муҳтарам Президентимизнинг Фармонлари асосида ташкил этилган вақтда, масжидлар биноларини қуриш, таъмирлаш, реконструкция қилиш, ободонлаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда масжидлар ходимларини, хусусан имом-хатиблар, имом ноиблари, мутаваллилар, муаззинларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш фонднинг асосий вазифаларидан қилиб белгиланган эди.
Ўтган уч йилдан зиёд вақт мобайнида Фонд томонидан мазкур вазифаларни бажариш учун салмоқли ишлар амалга оширилди.
Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги масжидлар қурилиши, жорий ва капитал таъмирлаш ишлари учун
– 2018 йилда 10 та масжидга 400 миллион сўм;
– 2019 йилда 17 та масжидга 2 миллиард 300 миллион сўм;
– 2020 йилда 26 та масжидга 1 миллиард 395 миллион сўм;
– 2021 йилда 32 та масжидга 1 миллиард 157 миллион сўм;
Жами, 85 та масжидга 5 миллиард 252 миллион сўм хайрия қилинган бўлса, аҳолининг диний-маърифий илмларини ошириш ва масжидлардаги кутубхоналарни янада бойитиш мақсадида:
– 2018 йилда 1290 дона;
– 2019 йилда 6286 дона;
– 2020 йилда 3222 дона;
– 2021 йилда 83 640 дона китоблар, жами, ўтган давр мобайнида қиймати 2 миллиард 95 миллион 873 минг 640 сўмлик, 94 438 дона китоблар масжидар учун вақф қилинган.
Шунингдек, 2020 йил май ойида Сирдарё вилоятининг Сардоба туманида тошқин сабаб вайрон бўлган “Юсуф” масжиди фонд томонидан ҳомийлар билан ҳамкорликда буткул янгидан бунёд этилди.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда фаолият юритаётган молиявий ночор, кам даромадли масжид имом-хатиблари учун фонд томонидан 2018 йилдан узлуксиз ойлик маош тайинланиб, ўтган вақт мобайнида 6 миллиард 976 миллион сўмдан зиёд маблағлар маош сифатида тўлаб берилди.
Бундан ташқари, пандемия даврида республикамиздаги 2090 дан ортиқ масжидларда меҳнат қилаётган имом-хатиб, имом ноиби, мутавалли, муаззин, қоровул ва бошқа техник ходимларнинг барчаларига моддий ёрдам учун 65 миллиард 873 миллион сўм хайрия сифатида ажратилди.
Умумий ҳисобда фонд ўз фаолиятини бошлагандан бугунга қадар жами 74 944 873 000 сўм маблағни масжидлар қурилиши, таъмирланиши, техник таъминот ва ходимларни моддий қўллаб-қувватлаш учун хайрия сифатида йўналтирилган.
Сўзим сўнгида таъкидлаб ўтмоқчиманки, “Вақф” фонди мамлакатимиздаги масжидлар ободлигига ҳисса қўшишда давом этади ва бу йўлда саховатпеша ҳамюртларимизни ҳамкорлик қилишга чорлаб қолади.
ВАҚФ хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати раҳбари Саидаброр Умаров