Брифинг: ВАҚФ фонди 2021 йилда қарийб 70 миллиард сўм маблағни хайрияга сарфлади

Бугун, 19 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ВАҚФ фонди Матбуот хизмати раҳбари Саидаброр Умаров иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда қуйидаги маълумолар тақдим этилди.

Бугунги брифингда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан 2021 йилда амалга оширилган хайрия ишлари ҳақида ахборот бериб ўтамиз!

Маълумки, 2018 йил 16 апрелда муҳтарам Президентимизнинг «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонлари асосида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилди.

Фонднинг асосий мақсадлари ҳамюртларимиздаги саховатлилик туйғуларини оширишга кўмаклашиш, диний-маърифий соҳага ёрдам бериш, масжид, мадраса ва зиёратгоҳларимизни обод қилиш, имом-хатиб, ноиблар, мударрислар ва талабаларга моддий-маънавий кўмак беришдан иборат этиб белгиланди.

2021 йилда фонд томонидан хайрия, закот, вақф мулклари, зиёратгоҳлар, диний ташкилотлар ва акциялар орқали келиб тушган маблағлар ҳамда ҳомийлар ва ҳамкор ташкилотлар томонидан тақдим этилган моддий кўринишдаги эҳсонлар билан қўшиб ҳисоблаганда жами 69 миллиард 22 минг 690 сўмдан зиёд маблағ хайрия сифатида сарфланди.

Шу жумладан:

1.Диний таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини молиялаштириш учун – 1 120 601 500 сўм;

Диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун – 5 573 046 366сўм;
Диний таълим муассасалари ўқувчи-талабалар тўлов шартномаси учун –840 000 000сўм;
Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар талаба фарзандларини қўллаб-қувватлаш учун – 15 450 000сўм;
Масжидлар қурилиши учун – 932 920 454сўм;
Масжидлар ва зиёратгоҳлар ходимларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун – 36 798 386 010сўм;
Уйлари ёнғиндан талафот кўрган фуқароларга моддий ёрдам учун – 90 000 000сўм;
Ночор, кўмакка муҳтож фуқароларга турли моддий кўринишда берилган ёрдамлар учун – 6 818 035 811сўм;
Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан имконияти чекланган, ногиронлиги бор бўлган шахсларни моддий қўллаб-қувватлаш учун – 3 600 531 000сўм;
Турли хайрия тадбирлари учун – 1 736 459 260 сўм;
Вилоят вакилликларининг маъмурий ҳаражатлари учун берилган моддий ёрдам – 1 116 680 000 сўм;
Аҳоли учун тоза ичимлик суви чиқаришга – 290 580 000 сўм;
Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонаси моддий техник базасини бойитиш учун – 90 000 000 сўм;
Диний соҳа ходимлари ва диний таълим муассаса устоз-мураббийлари, талабалари ва техник ходимларини пандемия даврида моддий қўллаб қувватлаш учун – 10 миллиард сўм маблағлағлар фақатгина хайрия ишлари учун сарфланди.
Бундан ташқари, йил давомида ичимлик суви танқис бўлган ҳудудлар учун Қорақалпоғистонда 76 та, Қашқадарёда 2 та ва Сурхондарёда 1 та, жами 79 та артезиан ва минорали сув иншоотлари барпо этилиб, ўша ҳудуддаги аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди.

Таъкидлаш лозимки, 2021 йилда жорий этилган янги “Вақф кўмаги” лойиҳаси доирасида 4 та вилоятнинг қандолатчилик, тикувчилик ва ҳунармандлик касбига эга ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларнинг 103 нафарига керакли асбоб-анжомлар хайрия қилиниб, иш билан таъминланди.

Сўзим сўнггида таъкидлаб ўтмоқчиманки, “Вақф” фонди ўз фаолиятини такомиллаштириш борасидаги таклифларни мамнуният ила қабул қилади ва саховатпеша ҳамюртларимизни яхшилик йўлида ҳамкорликка чорлаб қолади.


ВАҚФ хайрия жамоат фонди раҳбарининг ахборот сиёсати масалалари бўйича

маслаҳатчиси, Фонд Матбуот хизмати раҳбари Саидаброр Умаров

Брифинг: ВАҚФ фонди 2021 йилда қарийб 70 миллиард сўм маблағни хайрияга сарфлади
19 Yanvar, 2022 yil | 872