"Заифларингиз туфайли ризқланасиз": Қашқадарёлик ҳамюртларимизга ногиронлик аравачалари хайрия қилинди

Абу Дардо розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мени(нг розилигим)ни заифларга яхшилик қилиш билан талаб этинглар! Зеро, заифларингиз туфайли ризқланасиз, нусратга эришасиз”, деганларини эшитганман” (Абу Довуд, Термизий, Насоий, Аҳмад, Ҳоким ривояти. Ҳадис санади саҳиҳ).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мискин, бева-бечора, камбағалларга яхшилик қилишни, уларни қаровсиз қолдирмасликни алоҳида тайинламоқдалар:

Мени(нг розилигим)ни заифларга яхшилик қилиш билан талаб этинглар!” 

Мазкур ҳадисни ўзларига шиор ўлароқ моддий кўмакка муҳтож, ночор, ногиронлиги бор, заиф кишиларга эҳсон қилишликни ният қилган ҳамюртларимизнинг навбатдаги хайрияларини Вақф фонди ходимлари Қашқадарё вилоятида истиқомат қилаётган муҳтожларга етказди. 

21 январь куни, Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз шаҳрида Вақф фонди вилоят филиали ходимлари, "Дорут тиловат" зиёратгоҳи масъуллари ва ҳокимлик вакиллари иштирокида хайрия тадбири ўтказилди. Тадбирда ҳудуддаги 10 нафар ночор, ижтимоий кўмакка муҳтож, ногиронлиги бор бўлган фуқароларга ногиронлик аравачалари ва озиқ-овқатлар хайрия қилинди.

Тадбирда иштирок эта олмаган ватандошларимизнинг хонадонларига ташриф буюриб, аравача ва эҳсонлар тақдим этилди.

Вақф хайрия жамоат фонди – яхшилик йўлида ҳамкорингиз!

ВАҚФ фонди Матбуот хизмати

23 Yanvar, 2022 yil | 588