Айни қишнинг қаҳратон кунлари муҳтож оилаларнинг қалбига, хонадонларига иссиқлик олиб кириш мақсадида “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан савобли ишга қўл урилди.
28 январь куни Андижон, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида истиқомат қилувчи, кам таъминланган оилалар учун электр иситкичлар, кўмир ва ўтин печлар хайрия қилинди. Шунингдек, ушбу оилаларнинг ҳар бирига электр энергияси учун 250-300 минг сўмдан тўловлар ҳамда кўмир маҳсулотлари эҳсон сифатида тақдим этилди. Мамнун оилалар ўз ташаккурларини билдиришмоқда.
Давлатимиз томонидан ижтимоий кўмакка муҳтож, ногиронлиги бор ва ночор аҳолини қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш фаровонлигини ошириш мақсадида қатор саъй-ҳаракатлар қилинмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди ҳам бу борада кўплаб хайрия тадбирларни амалга ошириб, эҳтиёжманд оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаб келмоқда. Мазкур ташаббус ҳам ана шундай савобли ишларнинг мантиқий давомидир.
Бундай хайри ишлари республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам давом этмоқда.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳу ривоят қилади. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ким бир мўминни дунё ғамларининг биридан халос этса, Аллоҳ таоло уни қиёмат ғамларининг биридан халос қилади. Ким ночорга осон қилса, Аллоҳ таоло унга дунё ва охиратда осон қилади. Ким мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ таоло дунё ва охиратда унинг айбини беркитади. Ким биродарига ёрдам беришда давом этаверса, Аллоҳ таоло унга ёрдам бераверади...» (Имом Бухорий ривояти).
Яхшилик йўлида биз билан ҳамкорлик қилаётган инсонларни Аллоҳ таоло мукофотласин!
“Вақф” хайрия жамоат фонди
Матбуот хизмати