"ЭНГ ШАФФОФ НОДАВЛАТ НОТИЖОРАТ ТАШКИЛОТИ" тақдирлаш маросими ўтказилди

Аввал хабар қилганимиздек, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг очиқлик индексини шакллантириш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг шаффофлик даражасини баҳолаш методикаси ишлаб чиқилган.

Мазкур методика асосида 100 дан ортиқ республика нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан 2021 йилдаги фаолияти юзасидан тақдим этилган маълумотлар асосида Ўзбекистон Республикаси адлия вазирлиги ва Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлар миллий ассоциацияси томонидан баҳолаш ишлари амалга оширилди.

Бугун, 2022 йил 1 март куни, мазкур баҳолаш натижаларига кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси мажлислар залида тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. 

Унга кўра "ЭНГ ШАФФОФ НОДАВЛАТ НОТИЖОРАТ ТАШКИЛОТИ" бўйича Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ҳузуридаги "ВАҚФ" хайрия жамоат фонди 1-ўринни қўлга киритди. Шу ҳақдаги сертификатни ВАҚФ фонди раҳбари Яҳё домла Абдураҳмонов қабул қилиб олди.

Бу эътироф, фондимиз ва ходимларини, янада кенгроқ кўламли хайрия ишларига бош бўлишга сабаб бўлади дея Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз!

Биз билан яхшилик ва тақво йўлида, муҳтожлар, ночорлар, толиби илмлар ҳамда масжид, мадрасаларни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаган, ҳисса қўшган, далолат қилган барчани Аллоҳ таолонинг Ўзи мукофотласин! 

ВАҚФ хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

 

1 Mart, 2022 yil | 605