Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди раҳбари, пойтахтимиздаги “Шайх Зайниддин” масжиди имом-хатиби Яҳё домла Убайдуллоҳ ўғли таржимаси остидаги таниқли уламо Юсуф Қаразовий қаламига мансуб “Таваккул” асари китоб ҳолида чоп этилди.
Мазкур китобда мўмин-мусулмонлар учун ўта зарур бўлган, инсон умри давомида доимо муҳтож бўладиган, ҳар ишда Аллоҳ таолога таваккул қилиш ҳақида сўз бўради.
Китобни мутолаа қилган киши таваккулнинг фазли, унинг ҳақиқати, ризқ борасида таваккул, дин ишларида таваккул, таваккулнинг фойдалари, сабаблари, таваккул қилишдан тўсувчи омиллар ва бошқа таваккул ҳақидаги билимларга эга бўлиши мумкин.
Аҳамиятли жиҳати, муаллиф ҳар бир мавзуни ёритишда Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлардаги таваккулга оид нукталарни дақиқлик билан, атрофлича, ўқувчига тушунарли ҳолда баён этади.
Шу билан бирга китоб уламоларнинг таваккул ҳақидаги фикрлари, ҳаётий воқеалар ва мисоллар билан бойитилган. Таржимон эса асарнинг асл маъноси ва жумлалардаги жозибадорликни сақлаб қолган ҳолда, ўзбек тилида халқона услубда халқимизга тақдим этмоқда.
Мухтасар айтганда, китобда Аллоҳга таваккулнинг нақадар муҳим экани ва унинг фойдалари ҳақида ўзига хос тарзда, ҳаммага тушунарли тилда баён этилган.
Аллоҳ таолодан ушбу китобни таржима қилиш, таҳрирлаш, чоп этиш ва унинг нашр қилинишига ҳисса қўшган барча азизларга дунё ва охиратда яхшиликлар сўраб қоламиз. Ҳақ таоло ушбу янги китобни халқимизга муборак, ўқиганларга манфаатли айласин ва барчамизни Ўзига таваккул қиладиган бандаларидан қилсин!
“Шайх Зайниддин” масжиди (Кўкча) китоб дўконидан сўранг!