Бугунги брифингда Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан 2022 йил 1-ярим йиллигида амалга оширилган хайрия ишлари ҳақида ахборот бериб ўтамиз!
Маълумки фонднинг асосий мақсадлари ҳамюртларимиздаги саховатлилик туйғулариниоширишга кўмаклашиш, диний-маърифий соҳага ёрдам бериш, масжид, мадраса ва зиёратгоҳларимизни обод қилиш, имом-хатиб, ноиблар, мударрислар ва диний таълим муассасалари талабаларига моддий-маънавий кўмак беришдан иборат этиб белгиланган.
2022 йилнинг ўтган 6 ойи давомида, фонд томонидан хайрия, закот, вақф мулклари, зиёратгоҳлар, диний ташкилотлар ва акциялар орқали келиб тушган маблағлар ҳамда ҳомийлар ва ҳамкор ташкилотлар томонидан тақдим этилган моддий кўринишдаги эҳсонлар билан қўшиб ҳисоблаганда жами 6 689 956 701 сўмдан зиёд маблағ хайрия сифатида сарфланди.
Жумладан:
1. Диний таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказлари фаолиятини молиялаштириш учун – 37 217 520 сўм;
2. Диний таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, ўқувчи-талабаларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун – 721 402 550 сўм;
3. Ногиронлар жамияти аъзолари ва Махсус мактаб интернатларда таҳсил олаётган кўмакка муҳтож ҳамюртларимиз учун 38 962 000 сўм;
4. Масжидлар қурилиши учун – 211 550 000 сўм;
5. Масжидлар ва зиёратгоҳлар ходимларини моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун – 71 900 000 сўм;
6. Ночор, кўмакка муҳтож фуқароларга турли моддий кўринишда берилган ёрдамлар учун – 2 472 951 031 сўм;
7. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, шу жумладан имконияти чекланган, ногиронлиги бор бўлган шахсларни моддий қўллаб-қувватлаш учун – 1 613 578 000 сўм;
8. Фонд томонидан ташкил этилган турли хайрия тадбирлари учун – 1 134 938 600 сўм;
9. Вилоят вакилликларининг маъмурий ҳаражатлари учун берилган моддий ёрдам – 131 257 000 сўм;
10. Сув танқис ҳудудлардаги аҳолига ичимлик суви чиқаришга қаратилган “Вақф сувлари” лойиҳаси учун 245 400 000 сўм;
11. “Қуръони карим ва тажвид” курси тингловчиларини моддий қўллаб-қувватлаш учун 10 800 000 сўм;
12. Масжидлар ва диний таълим муассаларига тарқатилган диний-маърифий китоблар ҳамда дарсликлар учун 134 577 000 сўм сарфланди.
Таъкидлаш лозимки, яқиндагина юртимиз бўйлаб кенг нишонланган “Қурбон ҳайити” байрами муносабати билан 2200 га яқин оилаларга 436 500 000 сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари байрам ҳадяси сифатида хайрия қилинди. Шунингдек,фонднинг 14 та ҳудудий филиаллари томонидан ҳомийларни жалб қилган ҳолда 8 та қора мол ва 72 та қўй қурбонлик қилиниб, ҳақдорларга улашилди.
Сўзим сўнггида таъкидлаб ўтмоқчиманки,“Вақф” фонди ўз фаолиятини такомиллаштириш борасидаги таклифларни мамнуният ила қабул қилади ва саховатпеша ҳамюртларимизни яхшилик йўлида ҳамкорликка чорлаб қолади.
ВАҚФ фонди Матбуот хизмати раҳбари Саидаброр Умаров