Бугун, 1-март куни Вақф фонди раҳбари Зиёвуддин домла Мирсодиқов Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани, Боғистон қишлоғида жойлашган, фонд тасарруфидаги "Шайх Умар валий Боғистоний" зиёратгоҳига ташриф буюрди.
Ташриф давомида З.Мирсодиқов зиёратгоҳда олиб борилаётган ободонлаштириш ва таъмирлаш ишлари ҳамда зиёратчилар учун яратилаётган шароитлар билан яқиндан танишиб, керакли кўрсатмаларни бериб ўтди.
Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, ушбу зиёратгоҳ ҳудудида Шайх Умар валий Боғистоний ҳамда у зотнинг рафиқаси Қурбонжон она ва невараси – Шайх Хованди Тоҳурнинг ўғли Довуд отанинг қабрлари бор. Шайх Умар Боғистоний диний ва дунёвий илмларни эгаллаб, тасаввуфда камолга етиб, халқни роҳи рост (тўғри йўл)га ва илму ирфонга даъват қилган зот бўлган.
Шайх Умар Валий Боғистоний 1320 йил 90 ёшида Боғистон қишлоғида вафот этган. Шайх Умар Валий Боғистоний машҳур тариқат вакилларидан бири бўлган. Унинг ўғли-довруғи етти иқлимга кетган шайх Хованди Тоҳур бўлиб, у Шайх Умар Валининг ягона фарзандлари бўлган. Эвараси-Нақшбандия тариқатининг пешвоси шайх Хўжа Аҳрор Вали XV аср Мовароуннаҳр маънавий ва сиёсий ҳаётида катта ўрин тутган. Шайх Умар Вали Боғистонийга қурилган мақбара меъморий ечими жиҳатидан содда услубда қурилган бўлиб, айни дамда фонд томонидан таъмирланмоқда. Мақбарада, юзасига етти қатор ёзув ва “1189 йил” деган сана ўйиб ёзилган ғаройиб узунчоқ қайроқтош бор.
Вақф фонди Матбуот хизмати